#халқаро_тренинг
“Бизнес ривожининг асосий омили – мижозга содиқлик ва истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлиги” мавзусидаги халқаро тренинг якунланди
Рақобат қўмитаси томонидан German Sparkassenstiftung ташкилоти кўмагида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро тренинг ўз ишини якунлади.
Тадбирда савдо, тиббиёт ва фармацевтика, умумий овқатланиш, уй-жой қурилиши, рақамли хизматлар ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 100 га яқин тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Тренинг давомида иштирокчиларга истеъмолчиларга йўналтирилган бизнесни шакллантириш, мижозлар содиқлигини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, ҳалол рақобат тамойилларини жорий этиш ҳамда бизнеснинг барқарор ривожланишида мижоз ишончининг аҳамияти бўйича маҳаллий ва халқаро тажрибалар тақдим этилди.
Шунингдек, иштирокчилар билан амалий мулоқотлар ва муҳокамалар ўтказилиб, бизнес фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид талабларни самарали қўллаш, мижозлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида тадбиркорлик субъектларида мижозга йўналтирилган ёндашувни кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ва ҳалол рақобат муҳитини ривожлантириш бизнеснинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишида муҳим омил экани таъкидланди.
Халқаро тренинг доирасида иштирокчилар истеъмолчилар ишончи ва содиқлигини ошириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда рақобатбардош бизнес моделларини шакллантириш бўйича янги билим ва амалий кўникмаларга эга бўлдилар.








