РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ТИББИЙ ХИЗМАТЛАРНИ РЕКЛАМА ҚИЛАЁТГАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ РЕКЛАМА ҚОНУНЧИЛИГИ ТАЛАБЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШГА ЧАҚИРАДИ
Сўнгги вақтларда тиббий хизматлар рекламасида “касалликдан бир умрга халос қиламиз”, “мутлақо хавфсиз”, “3 кунда даволаймиз”, “ҳеч қандай ножўя таъсири йўқ”, “бизга келган беморларнинг барчаси соғайди” каби тиббий натижа, хавфсизлик ёки самарадорликни ошириб кўрсатувчи иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бунда, тиббий хизматлар рекламасида натижани кафолатловчи, мутлақ хавфсизликни ваъда қилувчи, қарши кўрсатмаларни инкор қилувчи, беморни натижа билан қониқтиришни ваъда қилувчи, организмнинг индивидуал хусусиятларини инкор қилувчи маълумотлардан фойдаланиш амалдаги қонунчиликни бузилишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияда кўрсатиб ўтилмаган хизматларни реклама қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, номақбул (ноаниқлиги, бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши, яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талабларнинг ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган) реклама тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз: “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 47 моддасига асосан, номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 7 моддасига кўра, нотўғри реклама (ахборот) оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги белгиланган.
Рақобат қўмитаси тиббий хизматларни реклама қилаётган тадбиркорлик субъектларини рекламаларини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришга, истеъмолчиларга нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар беришдан тийилишга чақиради.
Қўмита томонидан тиббий хизматлар рекламаси соҳасида мониторинг ишларини тизимли олиб борилишини маълум қиламиз.








