Рақобат қўмитаси стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматлари платформаларини ўрганишни бошлади
Истеъмолчилардан телекоммуникация хизматлари бўйича келиб тушган шикоятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2026 йилнинг бугунги кун ҳолатига икки баробарга кўпайиб, 1000 дан ортиқ мурожаатни ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, айрим оператор ва провайдерларнинг мобил иловалари ҳамда веб-сайтларида тарифлар ва нархлар, хизмат кўрсатиш шартлари, оммавий оферта ва бошқа зарур маълумотлар тўлиқ жойлаштирилмаган. Шунингдек, айрим ахборотлар давлат тилида тақдим этилмаётгани аниқланган.
Қўмита стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар платформаларида истеъмолчилар учун зарур ахборотларнинг тақдим этилиши ва қонунчилик талабларига мувофиқлигини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.
Шу ўринда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мобил илова ва веб-сайтларидаги маълумотларни тўлиқ тақдим этишлари ҳамда уни қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришлари талаб этилади.
Истеъмолчилар ўз таклифларини info@raqobat.gov.uz ва consumer@antimon.gov.uz электрон манзилларига юборишлари мумкин.
Ушбу ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.
#телекоммуникация #рақамли_хизматлар








