Фуқаро аукционда сотиб олган хонадонидан кейинчалик миллионлаб қарздорлик бўлса, унинг ҳуқуқлари қандай таъминланади? Рақобат қўмитаси Сирдарё вилоятидаги 11 млн сўмдан зиёд газ қарздорлиги келиб чиққани бўйича истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Ж. аукцион орқали хонадон сотиб олганидан сўнг, мазкур хонадоннинг табиий газ таъминоти бўйича 11 млн сўмдан зиёд қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма томонидан мурожаат ўрганилганда, хонадон ТИФ «Миллий Банк» АЖ Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан аукцион орқали сотилгани, бироқ хонадоннинг аввалги даврда фойдаланилган табиий газ бўйича қарздорлиги АЖ томонидан бартараф этилмагани аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6313-сонли Фармонига мувофиқ, электрон онлайн аукционда сотилган мол-мулк аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилиши лозим. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси — қарздор зиммасида қолади.
Шунингдек, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига кўра, ижрочи хизматларни белгиланган муддат, ҳажм ва сифатда кўрсатиши шарт.
Кўрилган амалий чоралар натижасида ТИФ «Миллий Банк» АЖ Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан аукцион орқали сотилган хонадоннинг 11 млн сўмдан зиёд табиий газ бўйича қарздорлиги бартараф этилиши таъминланди.








