Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун имзоланди.
Администрация Президент фаолияти ва Конституциявий ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминловчи ягона конституциявий институт ҳисобланса-да, давлат органлари билан муносабатларда унинг фаолиятини қонун билан тартибга солиш бўйича ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд эди. Эндиликда янги қонун билан ушбу масалалар тартибга солинди.
Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этишда Администрациянинг амалдаги ваколатлари доирасидаги фаолияти қонун билан тартибга солиниши Президентлик институтининг ҳуқуқий асосларини кучайтиради. Халқаро амалиётда Президент фаолиятини таъминловчи институтнинг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида белгиланиши Президентлик бошқарувининг институционал стандарти ҳисобланади.
Қонун 4 та боб ва 34 та моддадан иборат бўлиб, Администрациянинг амалдаги ваколатлари доирасида Президент фаолиятини таъминлашнинг конституциявий механизмлари қонунда ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди.
Хусусан:
➡️ Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органи сифатида белгиланди;
➡️ Администрацияни Президент шакллантиради, Президент белгилаган асосий йўналишларда фаолият юритади, Президентга бўйсунади ва ҳисобдор бўлади.
Администрациянинг асосий вазифалари белгиланди:
➡️ Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатларини амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш;
➡️ Президентнинг фармон, қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ҳамда топшириқларини тайёрлаш, уларнинг ижросини ташкил этиш, назоратини олиб бориш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
➡️ Президентнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга оид янги ташаббусларини ишлаб чиқиш;
➡️ аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш ва уларни қийнаётган масалаларга ечимларни ишлаб чиқиш;
➡️ қонунларни имзога ёки қайтаришга тайёрлаш;
➡️ Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини ташкил этиш;
➡️ Президентга бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқалар.
Шунингдек, қонунда Администрация раҳбарининг ҳуқуқий мақоми ва вазифалари, Администрациянинг мансабдор ва бошқарув шахсларини лавозимга тайинлаш ҳамда озод этишга оид нормалар белгиланган, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асослари яратилган.
Администрация Президент фаолиятини ташкил этиш доирасида парламент, Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик қилади.
Администрация Президентга бевосита бўйсунувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва Президентга киритади.
Администрация ходимлари учун уларга юклатилган вазифаларни бажаришда ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоя чоралари назарда тутилмоқда.








