Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 25 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг туман ва шаҳарларида мавжуд захира ва имкониятларни аниқлаш ҳамда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини оширишга қаратилган комплекс ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ташаббуси билан мамлакатимиздаги 20 дан ортиқ етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг олимлари ва тегишли идоралар экспертлари иштирокида вилоятнинг туман ва шаҳарларида жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Ўрганишларда, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази, Тошкент архитектура ва қурилиш университети, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, Космик мониторинг ва геоахборот технологиялар маркази, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент фармацевтика институти, Гулистон давлат университети, Гулистон давлат педагогика институти ҳамда бошқа соҳавий ташкилотлар раҳбарлари ва илмий тадқиқотчилари иштирок этди.
Ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, мавжуд муаммолари, ишга солинмаган салоҳияти ва ўсиш нуқталари таҳлил қилиниб, устувор тадқиқот йўналишлари ҳамда амалий чоралар белгилаб олинди.
Ўрганишлар натижасида янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, мавжуд корхоналар қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.








