Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида жисмоний ва юридик шахслардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, асоссиз қарздорликлар ҳамда товар ва хизматлар сифатидан норозилик билан боғлиқ келиб тушаётган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида:
📍Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан келиб тушган мурожаатда “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали томонидан ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунаси носоз ҳолатга келгани важ қилиниб, табиий газ сарфи учун қўшимча тўлов ҳисобланаётганидан норозилик билдирилган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатлар “Ўзэнергоинспекция”нинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди. Натижада газ таъминоти филиали томонидан қўйилган 153,3 миллион сўмлик тўлов асоссиз эканлиги аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.
📍Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Термиз шаҳрида аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ томонидан “Турон” маҳалласидаги 18-сонли мактабгача таълим муассасасига ҳамда 950 дан ортиқ оилага истеъмолга яроқсиз ичимлик суви етказиб берилганлиги аниқланди.
Хусусан, 2026 йилнинг 6–20 январь кунлари давомида жами 4 850 м³, қиймати 31,2 миллион сўмлик сифат талабларига жавоб бермайдиган ичимлик суви истеъмолчиларга етказиб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилганлиги бўйича “Сурхондарё сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар судга юборилди.
📍 Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарманинг ишонч телефони орқали Урганч туманида истиқомат қилувчи фуқаро Х.М.дан келиб тушган мурожаатда “Mega avto cars” МЧЖ билан тузилган шартнома асосида Gac Aion 160 русумли автомобиль харид қилиш учун 156 миллион 750 минг сўм маблағ тўлангани, бироқ белгиланган муддатда автомобиль етказиб берилмагани маълум қилинган.
Ўрганиш жараёнида шартнома муддати ҳақиқатан ҳам тугаганлиги тасдиқланди. Тадбиркорлик субъектига тегишли тушунтиришлар берилгач, фуқаронинг хоҳишига кўра тўланган 156 миллион 750 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.








