Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Тошкентдаги «BYD Rohat» филиали — «BYD Astana Motors»ga нисбатан чора кўришингизни сўрайман. Мен 27% ставкали автокредит эвазига автомобиль сотиб олгандим. Менга топширилаётганда унинг VIN-кодлари ўзгартирилган эди, мен Хитойда йиғилиб, экспорт қилинган ва божхона расмийлаштирувидан ўтган автомобиль учун Tengebank.uz орқали дастлабки тўловни амалга оширгандим. Аммо менга Жиззахда йиғилган, редуктори носоз бўлган автомобиль топширилди. Тошкентдаги «BYD Rohat» дилерлик маркази менинг масаламни ижобий ҳал этмаяпти…” мавзуида фуқаро томонидан мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда “Mk Direkt” МЧЖ билан фуқаро 2025 йил 9 январда шартнома имзолаган, бироқ унга ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль тақдим этилгани аниқланди.
Шунингдек, мурожаатда мазкур шартномани бекор қилиш мақсадида судга ариза бериш учун давлат божини тўлаш имкони йўқлиги ҳам маълум қилиниб, амалий ёрдам сўралган.
Қўмита томонидан мурожаатдаги масала юзасидан фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, шартномани бекор қилиш бўйича судга ариза бериш тартиби тушунтирилди, жумладан истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича аризалар беришда давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгилаб берилган.




