Ҳудудлар кесимида мисоллар
Фарғона вилояти
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Қ.Ш. исмли фуқаро шаҳар марказида жойлашган “CompMir” МЧЖ дўконидан ноутбук харид қилган. Бироз вақт ўтгач, қурилма мутахассис томонидан текширилганда, ноутбукнинг айрим эҳтиёт қисмлари аввал ишлатилган, яъни эски эканлиги аниқланган.
Фуқаро товарни қайтариш ва тўланган маблағни олиш мақсадида сотувчига мурожаат қилган. Бироқ сотувчи томонидан пул маблағлари қайтариб берилмаган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида истеъмолчининг талаби асосли экани аниқланди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сифатсиз ёки эълон қилинган талабларга жавоб бермайдиган товар сотилган тақдирда истеъмолчи тўланган маблағни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқарога ноутбук учун тўлаган 1 миллион 500 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Фарғона вилоятининг Данғара туманида истиқомат қилувчи М.А. исмли фуқаро Андижон шаҳрида жойлашган “Jahon Motors” дўконидан 5 200 АҚШ долларига электрон юк ташувчи машина харид қилган.
Сотувчи томонидан мазкур техника батареяси 8 соатгача ишлаши кафолатланган бўлса-да, амалда унинг қуввати бир соат ичида тугаб қолгани маълум бўлган.
Фуқаро товарни қайтариш юзасидан сотувчига мурожаат қилган. Бироқ сотувчи янги батарея ўрнатиб беришни ваъда қилганига қарамасдан, масалани бир ой давомида ҳал этмаган.
Ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида истеъмолчининг техникасига 2 000 АҚШ доллари қийматидаги янги батарея қувватлагичлари ўрнатиб берилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Фуқаро Ж.О. “Trust Insurance” суғурта компаниясидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган. Унинг билдиришича, “Алоқа банк” АТБ орқали олинган кредит бўйича суғурта шартномаси тузилган. Кредит муддатидан олдин тўлангани сабабли суғурта компанияси томонидан 3 миллион 600 минг сўм маблағ қайтарилиши лозим бўлган.
Бироқ бир неча бор мурожаат қилинганига қарамасдан, ушбу маблағ истеъмолчига қайтариб берилмаган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида фуқарога 3 миллион 600 минг сўм маблағ ундириб берилиши таъминланди.
Тошкент шаҳри
Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида яшовчи фуқаролар М.Беридзе ҳамда Д.Сулайманов томонидан ишонч телефони орқали мурожаат йўлланиб, савдо дўконларидан харид қилинган маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ўтиб кетгани маълум қилинган.
Тошкент шаҳар Рақобат бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур ҳолатлар тасдиқланди ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилгани аниқланди.
Натижада “New Retail” МЧЖ ҳамда ЯТТ “Duysenov Ildar Saparbayevich”га нисбатан иш қўзғатилиб, масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва судга юборилди.







