АҚШ Савдо вазирлигининг Commercial Law Development Program (CLDP) дастури ўзининг расмий саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан амалга оширилаётган стратегик ҳамкорликни эътироф этиб, ушбу йўналишдаги қўшма тадбирлар ҳақида маълумот эълон қилди.
Хусусан, CLDP Ўзбекистонда фьючерс шартномалари савдосини йўлга қўйиш учун зарур норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш доирасида Рақобат қўмитаси учун товар бозорлари ва фьючерс савдосини тартибга солиш ҳамда тартибга солувчи органнинг товар ресурслари бозорини назорат қилишдаги ўрнига бағишланган семинар ташкил этилганини қайд этди.
Шунингдек, дастур доирасида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси раҳбарияти, мутахассислари, трейдер ва брокерлари билан фьючерс бозори ҳамда ҳосилавий молиявий инструментлар бозорини ривожлантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган учрашувлар ўтказилгани таъкидланди.
CLDP мазкур дастурлар Ўзбекистонда замонавий ва самарали тартибга солинадиган товар бозорини шакллантириш, бозор иштирокчиларининг халқаро товар биржалари билан интеграциясини кенгайтириш ҳамда келгусида халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Мазкур эътироф Рақобат қўмитаси томонидан товар бозорлари ва замонавий биржа механизмларини ривожлантириш, шунингдек, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.








