100 млрд сўмдан ортиқ пахта толаси маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотган “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб бориши белгиланган.
Рақобат қўмитасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан биржа савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари бузилишлари юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖ томонидан 104 млрд сўмлик 5 000 тоннадан ортиқ пахта толаси маҳсулотни биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги аниқланди.
Шунингдек, ушбу маҳсулотни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда нархларини юқори қўллаш натижасида жами 700 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олганлик ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “WHITE GOLD KLASTER” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








