205 тонна ун маҳсулотини биржа савдоларисиз сотган корхонага нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш тартибига риоя этилиши ҳамда нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида “DENOV OLTIN DON” МЧЖ томонидан 2025 йил октябрдан 2026 йил 31 мартга қадар Жамғарма ҳисобидан биржа савдолари орқали сотиб олинган 273 тонна буғдойдан белгиланган норма асосида ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 205 тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилмасдан, тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида жами 634 млн сўмдан ортиқ маблағга сотилганлиги аниқланди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасида биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш тақиқланган.
Шунингдек, фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш тақиқланади.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “DENOV OLTIN DON” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси бўйича белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








