“TBC Bank” гуруҳига алоқадор компаниянинг “OLX Classifieds”ни сотиб олиши бўйича иқтисодий концентрация битимига розилик берилди
Рақобат қўмитаси томонидан Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Tapuz Limited” компаниясининг “OLX Classifieds” МЧЖ ХКнинг (“OLX” савдо белгиси остида онлайн реклама хизматларини кўрсатувчи рақамли платформа) 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича аризаси кўриб чиқилди.
Маълумот учун,
🔘 “Tapuz Limited” — корхоналарга инвестиция киритиш фаолияти билан шуғулланувчи (ҳолдинг) ташкилот;
🔘 “OLX Classifieds” МЧЖ ХК — “OLX” савдо белгиси остида онлайн реклама хизматларини кўрсатувчи рақамли платформа оператори ҳисобланади.
🟢 Қўмита томонидан ўтказилган таҳлиллар давомида “Tapuz Limited” компаниясининг асосий акциядори бўлган “TBC Bank Group PLC” компанияси Ўзбекистонда “TBC bank” рақамли тижорат банки ҳамда “Payme” онлайн тўлов хизматига билвосита эгалик қилиши, шунингдек, “Payme” АЖ ва “OLX Classifieds” МЧЖ ХК рақамли платформалар соҳасида устун мавқега эга корхоналар рўйхатига киритилганлиги инобатга олинди.
📌 Шу билан бирга, “Tapuz Limited” компанияси Ўзбекистонда онлайн реклама хизматлари соҳасида фаолият юритувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар устав фондида улушга эга эмаслиги аниқланди.
✅ Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битим бўйича рақобат муҳитини сақлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор мажбурий талаблар белгиланган ҳолда иқтисодий концентрация битимига олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
🔴 Жумладан, қуйидаги талабларга риоя қилиниши белгиланди:
🔘“Tapuz Limited” компаниясининг акциядорларидан бири ҳисобланган “TBC Bank Group PLC” компанияси назоратидаги рақамли платформалар орқали “OLX” рақамли платформасининг ҳозирги ва келгусидаги фойдаланувчилари учун хизматдан фойдаланиш шартларига бир томонлама ва асосланмаган тарзда таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик;
🔘“OLX” рақамли платформаси орқали тўпланадиган ёки қайта ишланадиган маълумотлардан фойдаланишда, шунингдек “TBC bank” АТБ ва “Payme” АЖ билан рақобатда бўлган тижорат ташкилотларининг мижозларига оид шахсий ёки тижорат маълумотларидан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланмаслик ёки уларни ошкор қилмаслик, устун мавқени суиистеъмол қилмаслик ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини камситмаслик чораларини таъминлаш;
🔘“OLX” рақамли платформаси орқали хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фақат “Payme” ёки “TBC bank” мобил иловаларидан фойдаланишга мажбурламаслик ҳамда рақобатчи тўлов хизматлари учун тенг шароитлар яратиш чораларини кўриш;
🔘Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 18-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига тўлиқ риоя қилиш.








