Истеъмолчилардан 21.1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олган 2.5 мингга яқин дорихонага тегишли таъсир чоралари қўлланилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ–411-сон қарори асосида дори воситалари нархларини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рақамлаштирилган тизим жорий этилган. Мазкур тизим орқали чакана ва улгуржи савдода дори воситалари нархларининг асоссиз оширилишини инсон омилисиз аниқлаш механизми йўлга қўйилди.
Шунингдек, Рақобат қўмитасининг таклифига асосан 2026 йил март ойидан дори воситалари референт нархларини назорат қилиш тизими янада такомиллаштирилди. Хусусан, улгуржи савдода дори воситалари нархи белгиланган референт нархдан юқори қўлланилганда солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни рўйхатга олиш автоматик тўхтатиш (валидация) тизими жорий этилди.
Натижада улгуржи савдода нархларни сунъий ошириш ҳолатларининг олди олиниб, 12.5 мингдан зиёд чакана дорихоналарга дори воситаларини белгиланган референт нархдан қиммат сотилиши автоматик равишда олди олинади.
Ўтган давр мобайнида 2.5 мингга яқин дорихона томонидан 686 мингга яқин ҳолатда чекланган савдо устамаси 10 фоиздан 3 баробаргача ошириб қўллангани аниқланиб, истеъмолчилардан асоссиз равишда 21.1 млрд сўм маблағ олингани маълум бўлди ва қайтариш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида 190 дан ортиқ дорихонада 110.5 мингга яқин та ҳолатда 1.4 млрд сўмдан ортиқ маблағ асоссиз олингани аниқланиб, уларни қайтариш чоралари кўрилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Дори воситаларини харид қилишда сотиш учун рухсат этилган нархларини ваколатли ташкилотнинг референт нархлар реестри орқали текширишиб боришингиз ва нархлар оширилганлиги аниқланган ҳолатларда, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч рақами 1159 га мурожаат қилишингиз мумкин!








