Бухоро шаҳридаги букмекерлик логотипи акс этган ноқонуний реклама бартараф этилган, ҳолат тафсилотлари Рақобат қўмитаси томонидан ўрганилмоқда
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасаси олдида аралаш жанг санъатлари бўйича мусобақага оид реклама баннери ўрнатилгани, унда букмекерлик фаолияти билан боғлиқ логотип акс этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан тезкор жойига чиққан ҳолда амалга оширилган ўрганиш ишлари жараёнида хабарда кўрсатилган ҳудудда реклама баннери мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шу билан бирга, вилоят ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур реклама баннери жорий йилнинг 29 апрель куни ўрнатилган ва шу куннинг ўзида олиб ташлангани маълум қилинди.
“Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ, ташқи рекламани моддий-маданий мерос объектларига ўрнатиш тақиқланади. Шунингдек, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқлари ҳамда интернет тармоғи орқали ташкил этиладиган ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан ҳозирда реклама буюртмачиси, реклама тайёрловчиси, реклама тарқатувчиси, тадбир ташкилотчилари ҳамда мазкур реклама воситасини жойлаштирилиши билан боғлиқ ҳолат бўйича ваколат доирасида қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва ушбу иш якунлари бўйича ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Эслатма
Рақобат қўмитаси барча тадбир ташкилотчилари, реклама буюртмачилари ва ташқи реклама соҳаси субъектларини реклама материалларини жойлаштиришда амалдаги қонунчилик талабларига, айниқса, маданий мерос объектлари ҳудудида белгиланган чекловларга қатъий риоя этишга чақиради.








