#Сирдарё_очиқ_мулоқот
Рақобат қўмитаси раиси Ҳ. Турахужаев бошчилигида Сирдарё вилоятида тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирни Қўмита раиси кириш сўзи билан очиб берди.
У ўз нутқида «Қўмита ўз фаолиятида устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, рақобатни қўллаб-қувватлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш нафақат иқтисодий зарурат, балки конституцион норма ҳисобланади. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш Қўмитанинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади».
Қўмита раиси монополияга қарши органларнинг миллий ва жаҳон миқёсидаги аҳамиятига тўхталиб, уларнинг рақобатни ривожлантиришдаги ўрни жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг таклиф ҳамда мурожаатлари асосида амалий ечимлар ишлаб чиқиш зарурлиги, бунда бу каби юзма-юз очиқ мулоқотларнинг аҳамияти муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Очиқ мулоқот давомида, жисмоний ва юридик шахслардан 20 дан ортиқ мурожаат ва таклифлар тингланди.
Хусусан,
– Фермер хўжаликларида ғалла ва пахта етиштиришда дизел ёқилғиси нархининг юқорилиги ҳамда биржа савдоларига муддати ўтган минерал ўғитларни сотувга қўйилиши бўйича;
-Реклама паспортларини шакллантириш тизими тўловларни нотўғри ҳисоблаётганлиги ва расмийлаштириш учун тўловлар миқдорининг юқорилиги бўйича муаммони бартараф этиш;
– Ҳудудда фаолият олиб бораётган АЁҚШларда суюлтирилган газ нархининг сунъий оширилиши ҳолатларининг олдини олиш;
– Дорихоналарда фармацевтика маҳсулотларини референт нархлар асосида сотиш тизимида айрим камчиликлар;
– Кўп қаватли турар жойдан уй сотиб олиш жараёнида шартнома шартларида истеъмолчини қийин аҳволга солиб қўядиган талаблар юзасидан;
– Қўмита фаолиятининг асосий вазифалари нималардан иборат эканлигини қисқа роликлар орқали ОАВларда кенг тарғиб қилиш;
– Тендерларда тил бириктириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат харидларига қўйиладиган мезон ва талабларни такомиллаштириш учун қилган мурожаат ва таклифлари қабул қилиниб, уларни тегишлилиги бўйича ҳал этиш ҳамда бошқа масалаларни масъул давлат ташкилотлари билан биргаликда ўрганиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбир давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг тарғиботи даражаси паст қамровда эканлиги ва бу юзасидан Сирдарё вилоятида тегишли чора-тадбирларни кучайтириш, бу каби семинар, тарғибот ишларини кўпроқ амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Очиқ мулоқот давомида Қўмитанинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўтган 2025 йил якунлари ва 2026 йил I-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтилди.
Очиқ мулоқот танқидий ва ўзаро муҳокамалар руҳида ўтди, унда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, соҳага оид долзарб масалалар юзасидан иштирокчилар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот ўрнида: Қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасига 2025 йил якунлари бўйича жами 1200 га яқин ва 2026 йил I-чораги давомида 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар ва ўрганиш ишлари натижасида, 2025-йил давомида 550 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 12 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг I-чорагида эса 40 мингга яқин истеъмолчилар манфаати ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 2,4 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.








