РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ НАВБАТДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТИ ЖИЗЗАХДА БЎЛИБ ЎТДИ
Жиззах вилоятида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Қўмита раиси маслаҳатчиси О.Усмонов очиқ мулоқотни кириш сўзи очиб берди ва ҳудудлар миқёсида Рақобат қўмитасининг жамоатчилик вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларнинг асосий мақсади ва аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Очиқ мулоқот давомида ҳудудий бошқарма бошлиғи И. Маматқулов 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йил I-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этди. Ҳисобот ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, тадбир давомида долзарб масалалар юзасидан қизғин фикр алмашинувлар бўлди.
Очиқ мулоқот давомида жисмоний ва юридик шахслардан 10 га яқин мурожаат ва таклифлар тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан:
К. Гамиловнинг яшаш хонадони бугунги кунга қадар электр таъминоти билан таъминланмаганлиги сабабли электр энергиясига уланиш бўйича;
“ELYOR BUSINESS” МЧЖ вакилининг реклама паспортларини шакллантириш тизими тўловларни нотўғри ҳисоблаётганлиги ва ушбу муаммони бартараф этиш ҳақидаги мурожаатлари қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Шу билан бирга, Жиззах вилоят ҳокимияти вакили А.Назаровнинг тадбиркорлар учун ташқи реклама паспортини бекор қилиш тизимини соддалаштириш мақсадида амалдаги Ҳукумат қарорларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан берган таклифлари белгиланган тартибда қабул қилинди.
Бундан ташқари, учрашув давомида “PAXTAKOR TEKS” МЧЖ қўшма корхонаси вакили “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан корхонага асоссиз равишда 260 млн сўмдан ортиқ маблағ ҳисобланганлиги, Қўмита аралашуви натижасида масала ижобий ҳал этилгани учун ҳудудий бошқармага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Маълумот ўрнида: Қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига 2025 йил якунлари бўйича жами 2000 дан ортиқ ва 2026 йил I-чораги давомида 700 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар ва ўрганиш ишлар натижасида 2025-йил давомида 48 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига қарийб 10 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг I-чорагида эса 4500 га яқин истеъмолчилар манфаати ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 1,4 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида ишончни мустаҳкамлаб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ечимлар топишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатлари эътиборда бўлиб, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.








