“15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича энг яхши корхона”ни аниқлаш учун танлов ўтказилади. Танлов натижасида ғолиб корхоналар Қўмитанинг “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси билан тақдирланади.
Танлов “Умумий овқатланиш”, “Чакана савдо”, “Онлайн савдо”, “Молиявий хизматлар” “Хизматлар соҳаси” ва “Қурилиш хизматлари” йўналишлари бўйича ўтказилади.
Танлов беш босқичда бўлиб ўтади:
биринчи босқич – танлов иштирокчиларидан аризаларни қабул қилиш (16 январдан 20 февралгача);
иккинчи босқич – танловда иштирок этиш учун номзодлар рўйхатини шакллантириш (20 февраль);
учинчи босқич – қуйидаги баҳолаш жараёнларини ўтказиш (23 февралдан 6 мартгача):
истеъмолчиларнинг овоз бериш жараёнлари;
танлов иштирокчиларига тегишли расмий веб-сайтлардаги ахборотларни, истеъмолчилар муаммолари билан ишлаш ҳолатини ўрганиш;
танлов иштирокчилари фаолиятига доир Қўмитага келиб тушган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ахборотлар (жамоатчилик фикри) ҳамда назорат хариди натижаларини таҳлил қилиш;
тўртинчи босқич – иштирокчилар фаолиятига оид таҳлиллар, овоз бериш ва ўрганиш натижалари асосида ҳар бир йўналиш бўйича ғолибларни аниқлаш (9 мартдан 11 мартгача);
бешинчи босқич – “15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” арафасида танлов ғолибларини эълон қилиш ва тантанали тарзда мукофотлаш маросимини ташкил этиш.
Ғолиблар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан таъсис этилган “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси (йилини кўрсатган ҳолда) эътирофига сазовор бўлади.
Танловда иштирок этиш учун www.cabinet.fairtech.uz/choice/menu сайти орқали юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтилади. Танлов тўғрисидаги батафсил маълумотларни www.raqobat.gov.uz расмий-сайти ва (71) 207-47-00 (321, 266) телефон рақами орқали олишингиз мумкин.
Танлов ғолиблари жорий йилнинг 12 март куни “15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда эълон қилинади ва мукофотланади.
Ғолиблар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан таъсис этилган “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси эътирофига сазовор бўлади.
Шунингдек, танлов ғолиб ва совриндорлари ҳақидаги маълумотлар Қўмитанинг www.raqobat.gov.uz сайтида (https://t.me/RaqobatGovUz) эълон қилинади.







