Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан инсофсиз рақобат, давлат харидлари ва нотурар жойларни харид қилиш борасида юзага келган муаммоли мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида:
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага “Choсoсream” МЧЖ Самарқанд шаҳридаги “Mexmet Sweats” OK томонидан “JAMMIE DODGERS” ва “ZAVARIKI” номи билан “Chococream” MЧЖга тегишли бўлган “СЛАДОК” товар белгиси билан чиқарилаётган маҳсулотга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган маҳсулот ишлаб чиқариб сотаётганлиги юзасидан мурожаат қилиб, тегишли чора кўриш сўралган.
Ўрганишларда “Choсoсream” МЧЖ томонидан “СЛАДОК” товар белгиси билан чиқарилаётган “Глазурли печенье” маҳсулот саноат намунаси сифатида 2019 йил 16 апрелда “Интеллектуал мулк агентлиги” томонидан тегишли тартибда патентлангани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, махсус комиссия томонидан “Mexmet Sweats” ОКга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 21-моддасининг биринчи қисми талаблари бузилиши ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонун бузилишни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаронинг нотурар бино харид қилиш учун “Ark buloq karvonsaroyi” МЧЖ билан тузилган шартнома бекор қилинганига қарамай, келишувга асосан ойлик тўловлар қайтарилиши амалга оширилмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилгани аниқланди. Кўрилган чоралар натижасида МЧЖ томонидан мурожаатчига 25 млн сўм қайтарилиши таъминланди ва ўзаро келишувга асосан қолган суммалар ҳам бериб борилади.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда монополияга қарши орган розилигини олиш бўйича мониторинг ўтказилди. Ўрганиш жараёнида “Навоий дори-дармон”АЖ томонидан олдиндан розилик олмасдан “Авецина гранд” МЧЖни ташкил этгани ва жамиятнинг 100 фоизлик таъсисчисига айланганлиги аниқланди.
Бу ҳолат махсус комиссия томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ва тегишли қарор талабларини бузиш деб топилиб, корхонага нисбатан иш қўзғатилди ва қонунбузарликни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Ромитан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ўтказилган тендер “Рақобат тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида айрим иштирокчилар тендер талабларига тўлиқ жавоб бермаслигига қарамай, харид комиссияси томонидан баҳолашда номутаносибликка йўл қўйилгани аниқланди. Натижада, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси бузилганлик аломатлари қайд этилди ва махсус комиссия томонидан иш қўзғатилиб, Ромитан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тегишли кўрсатма берилди.