Жорий йилнинг 1 август куни Қўмита раиси бошчилигида жорий йилнинг ўтган вақтида амалга оширилган ишлар ва бундан кейинги бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар танқидий руҳда кўриб чиқилди. Унда Қўмита марказий аппарати, тизим ташкилотлари ҳамда 14 та ҳудудий орган раҳбар ва ходимлари иштирок этди.
Раис ўринбосари Ф.Карабаев ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди.
Йиғилиш давомида Қўмита раиси ҳудудий орган раҳбарларини норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсири баҳолаш юзасидан амалга оширилган ишлари қониқарсизлигини танқид қилди ва улар устидан қатъий назоратни кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги фаолият таҳлили давомида кўплаб ҳудудлар тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги аниқланиб, давлат харидларини рақобат бўйича назорат қилиш йўналишида муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Инсофсиз рақобат ва тил бириктиришлар, картелларга қарши кураш йўналишида ҳам етарли даражада иш ташкил этмаётган ҳудудлар огоҳлантириб ўтилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида ҳам бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланиб, номуайян доирада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш зарурияти алоҳида белгилаб ўтилди.
Шу билан бирга, Қўмита раиси барча даражадаги раҳбарларни функционал вазифаларни ўз вақтида ва белгиланган талаблар асосида тўлиқ ижро этилишини таъминлаш масаласига алоҳида урғу берди. Ижро интизомини қатъий ва шартсиз таъминлаш мақсадида барча даражадаги Қўмита тизими ходимлари «Темир интизом» асосида иш ташкил этиши ва уларнинг ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, Қўмита раиси мазкур жараёнда ҳар бир раҳбар шахсий жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши зарурлигини айтиб, қатъий огоҳлантириш берди.
Бундан ташқари, тизимнинг кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ҳамда бошқа йўналишдаги камчиликларга ҳам тўхталиб, йил якунигача қатъий иш режимида ишлаш, асосий функционал вазифаларни сўзсиз таъминлаб борилиши белгиланди.
Қўмита раиси йиғилиш якунида
«Ходимларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, энг аввало, барчанинг жонкуярлиги зарурлиги, халқимиз манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий ва ортга қайтмас иш режимида ишлаши барчанинг биринчи ўриндаги мақсади ва вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлаб, айнан шундагина Қўмитанинг давлат ва жамият олдидаги вазифаси бажарилиб, ишлар самарали ва тизимли ташкил этилишини» алоҳида таъкидлаб ўтди.