Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи ёғ-мой корхоналари томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “ZAMIN AGRO OIL” МЧЖ томонидан пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, 2024 йил 5 февралда “ZAMIN AGRO OIL” МЧЖ томонидан бошланғич нархи 116 сўмга яқин 35 тонна пахта шелухаси маҳсулоти тасдиқланган жадвал асосида биржа савдолари орқали сотилмаганлик ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан ёғ-мой корхонасига (“ZAMIN AGRO OIL” МЧЖ) нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-430-сонли қарорига асосан, монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахта техник чигити, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) маҳсулотларини ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.