Андижон вилоятидаги «Shangfeng-bridge of friendship» МЧЖ томонидан ички бозорга таннархдан паст нархларда цемент реализация қилинаётганлиги ва бунинг оқибатида қолган корхоналар банкротлик ёқасига келиб қолаётганлиги юзасидан бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан Қўмитага мурожаат қилинган эди.
Ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиш ва мавжуд вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Фарғона вилоятида мазкур соҳадаги тадбиркорлик субъектлари билан очиқ форматда учрашув ўтказди.
Очиқ форматда ўтказилган мулоқот жараёнида: Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида фаолият олиб борувчи 13 та цемент ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди.
Учрашувда тадбиркорлар ўзларини қийнаб келаётган соҳадаги 5 та асосий муаммоларни кўтардилар.
Кўтарилган масалалар юзасидан:
хусусан, Андижон вилоятидаги «Shangfeng-bridge of friendship» МЧЖ томонидан ички бозорга таннархдан паст нархларда цемент реализация қилинаётганлиги ҳолатида демпинг аломатлари мавжудлигини комиссион тартибда кўриб чиқиш учун унга сўров киритилганлиги, аммо ушбу маълумотлар вақтида тақдим этилмаганлиги сабабли айни вақтда «Shangfeng-bridge of friendship» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилганлиги ва ушбу ҳолат Қўмита назоратида эканлиги маълум қилинди.
Шунингдек, бошқа кўтарилган соҳадаги муаммолар юзасидан ҳолатни батафсил ўрганиб чиқиб, Ҳукуматга аниқ асослантирилган таклифлар киритилиши тадбиркорларга тушунтирилди.