Давлат кўмаги – хўжалик юритувчи субъектлар ва юридик шахслар бирлашмалари томонидан ўз фаолиятини самарали юритиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини сотиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам.
Хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига давлат томонидан кўрсатиладиган кўмак (ёрдами) солиқ имтиёзлари, солиқларни бўли-бўлиб тўлаш ёки тўлаш муддатини узайтириш, нарх преференциялари ва грантлар, рухсатнома ва лицензиялар олиш билан боғлиқ мажбурий тўловлардан озод қилиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, рухсатномалар ва лицензия олиш жараёнларини соддалаштириш, ҳамда техника томондан тартибга солиш талабларини енгиллаштириш орқали намоён бўлади.
Шунингдек, давлат томонидан товар ва рақамли бозорлардаги умумий шарт-шароитларга таъсир кўрсатувчи бошқа билвосита ёрдамлар хам кўрсатилиши мумкин.
Бугунги кунга келиб, Қўмита томонидан халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда “Хўжалик юритувчи субъектларга бериладиган имтиёзлар, преференциялар ва эксклюзив ҳуқуқларни самарадорлигини баҳолашни тизимли мониторингини олиб бориш Тартиби” ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини комплекс таҳлил қилиш, берилаётган имтиёзлардан фойдаланишнинг иқтисодлий ва ижтимоий самарадорлиги, ҳамда уларни рақобат муҳитига ва тадбиркорлик фаолиятига кўрсатадиган таъсирларни ўрганишни назарда тутади.
Самарадорликни баҳолаш ва мониторингини юритиш ишлаб чиқариш хажмлари, экспортнинг хажми, энергия ресурсларини истеъмол қилиш, янги технологик жараёнларни, асбоб-ускуналрни, ишлаб чиқариш қувватларини жорий қилиш, янги ишлаб чиқаришлар, ихтиролар, патентлар, саноат намуналаридан фойдаланиш, илмий –тадқиқот ва тажриба-экспериментал ишларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, иш хақи фондини оширишга йўналтирилган ишларни амалга ошириш, имтиёзлардан фойдаланиш, тармоқдаги хусусий секторнинг улуши, рақобатчиларнинг сони каби кўрсаткичлардан фойдаланган холда амалга оширилади.
Ўтган ҳисобот даврида Қўмита томонидан иқтисодиётнинг алоҳида соҳаларида – электротехника тармоғи, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, телекоммуникация, ёғ-мой саноати ва бошқар тармоқларда давлат томонидан берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни соҳадаги рақобатга кўрсатадиган таъсири ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар юборилди.