Ижтимоий тармоқлар орқали давлат бюджетининг 2025 йил учун тақсимланиши ва унда Рақобат қўмитасига жуда кам маблағлар ажратилганлиги юзасидан турли хил маълумотлар тарқалмоқда
Ушбу ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
“2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига кўра, Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази (Марказ) фаолиятини молиялаштириш учун республика бюджетдан 12,6 млрд сўм (2024 йилга нисбатан 1 млрд сўмга кўп) маблағ ажратиш режалаштирилган.
Қўмита марказий аппарати ва Марказ ходимларининг умумий сони 140 штат бирлигини ташкил этади.
Шунингдек, Рақобат қўмитанинг ҳудудий органлари маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиши белгиланган бўлиб, 2025 йил учун ҳудудий органларнинг сақлаш харажатларига 26,6 млрд сўм (2024 йилга нисбатан 3,8 млрд сўмга кўп) маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ҳудудий органларнинг бошқарув ходимлари сони 234 штат бирлигини ташкил этади.
Қўмита ҳузуридаги “Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази” ДУК бюджет ташкилоти ҳисобланмайди ва ўз даромадлари ҳисобидан сақланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларини сақлаш учун етарли маблағ ажратилганлигини маълум қиламиз.