2024 йил 5 ноябрь куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида АҚШнинг Товар фьючерслари савдо комиссияси (CFTC) ва Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, товар биржалари, рақобат сиёсати ва рақамли платформаларни тартибга солиш борасида фикр алмашилди.
АҚШ делегациясидан Кевин Пикколи (CFTC Халқаро ишлар бошқармаси директори ўринбосари) ва Нэнси Дойл (CFTCнинг Халқаро ишлар бўйича катта юрисконсульти) иштирок этдилар. Шунингдек, делегация таркибида АҚШнинг Тижорат вазирлиги ва CLDPнинг халқаро дастурлар бўйича мутахассислари ҳам бўлди.
🇺🇿 Қўмита раиси Ҳалилилло Турахужаев Ўзбекистонда товар биржаларини ривожлантириш ва фьючерс савдоларини жорий этиш ислоҳотлари аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, замонавий савдо механизмлари иқтисодиётни янада ривожлантиришга, шунингдек, мазкур соҳадаги ҳамкорлик мамлакатнинг тижорат ва рақобат имкониятларини оширишда муҳим ўрин эгаллаши ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда товар биржалари ва рақобат сиёсати соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қайд этилди:
🔘Товар фьючерсларини тартибга солиш бўйича АҚШнинг тажрибасини ўрганиш
🔘Фьючерс савдоларини жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам
🔘Қўмита ходимларининг малакасини ошириш
🔘Рақамли платформаларни тартибга солишда тажриба алмашиш
Мулоқот натижасида келгусидаги қўшма лойиҳалар ва келишувлар бўйича муҳим қадамлар белгиланди.