Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи ёғ-мой корхоналари томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “FOREVER SERVICE” ва “КАRMАNА MОY INVEST” МЧЖларнинг пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотиш фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, “FOREVER SERVICE” МЧЖ томонидан жами 2 млрд сўмдан ортиқ жумладан, 101,52 тонна пахта ёғи, 191 тонна пахта шроти ва 126,2 тонна пахта шелухаси тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилиши натижасида, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда жами 55 млн сўмдан ортиқ тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, “КАRMАNА MОY INVEST” МЧЖ томонидан эса жами 1,1 млрд сўмдан ортиқ жумладан, 8 ҳолатда 163,7 тонна пахта шелухаси ва 6 ҳолатда 148,7 тонна пахта шроти тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилиши натижасида, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда жами 54 млн сўмдан ортиқ тафовут (фарқ) ҳолатлари маълум бўлди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Навоий вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан ёғ-мой корхоналарига (“FOREVER SERVICE”МЧЖ, “КАRMАNА MОY INVEST” МЧЖ) нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-430-сонли қарорига асосан монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахта техник чигити, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) маҳсулотларини ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.