Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоятдаги яна бир фуқаронинг муаммоси ҳал этилди.
Фуқаро ҳудудий бошқармага қуйидаги мазмунда мурожаат йўллаган:
Зарафшон шаҳар 14-кичик даҳа ҳудудида қуриладиган Б блок 9-қаватида жойлашган бир хонали, умумий майдони 52,11 кв.м бўлган хонадоннинг баҳоси 198 000 000 сўм қилиб белгиланган.
Харидор ушбу хонадонлардан бирини харид қилиш мақсадида шу вақтга қадар ойма-ой 29 700 000 сўм миқдорда тўловни амалга оширганлиги, аммо оилавий шароити сабабли 2023 йил 12 апрель куни ўз аризасига биноан шартномани бекор қилганлигини билдирган.
Лекин бугунги кунга қадар амалга оширган 29 700 000 сўм миқдорда тўловни қурилиш ташкилоти томонидан қайтариб берилмаётганлигидан ҳудудий бошқармага шикоят қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида фуқарога 29 700 000 сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.