Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль мамлакатимизга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанднинг тарихий обидалари билан танишди.
Кўҳна шаҳарда давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга мамлакатимизнинг “ташриф қоғози”, аждодларимиз бунёдкорлик салоҳиятининг гўзал ифодаси – дунёга машҳур Регистон майдонига ташриф буюрдилар. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллақори мадрасаларининг маҳобати, ўзи хос архитектураси ҳаммада ҳайрат ва ҳавас уйғотади.
Олий мартабали меҳмонлар Регистондаги ҳар бир обида, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини ҳайрат билан томоша қилди. Уларга мадрасаларнинг қурилиш тарихи, пештоқларидаги нақш ва рамзларнинг мазмуни ҳақида сўзлаб берилди.
Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида меҳмонларга буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар давлати ўз даврининг энг улкан ва ривожланган мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг Президентлар ва уларнинг рафиқалари «Афросиёб» музейига ташриф буюрдилар.
Бу музей Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихидан ҳикоя қилади. Бу ердаги ноёб экспонат ва деворий суратлар бутун дунё сайёҳларини, шу жумладан кореяликларни ўзига жалб этиб келади.
VII асрга оид деворий суратлардан бирида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Когурё элчиларини қабул қилиш маросими ҳам акс этган. Бу халқларимиз ўртасидаги алмашинувларнинг кўп асрлик тарихидан далолат беради.
Яқинда кореялик мутахассислар иштирокида музейни реставрация қилиш ишлари якунланган бўлиб, улар доирасида бинонинг ички ва ташқи қиёфаси мукаммал қилиб янгиланди.
Жанубий Корея Президенти тарихий ашёларни ҳайрат ва эътибор билан томоша қилар экан, халқларимиз ўртасидаги алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалишини, бу дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам бардавом бўлишини таъкидлади.
Етакчилар маданий меросни асраш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.
Сўнг олий мартабали меҳмонлар Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи бўлди.
Амир Темурнинг суюкли набираси бўлган Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек буюк астроном олим ва ҳукмдор сифатида илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона кашф қилиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономиясида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.
Экскурсиянинг охирги манзили “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси бўлди. Бу ерда меҳмонларга халқимизнинг бетакрор бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.
Давлат раҳбарларининг Самарқанддаги учрашуви самимий ва дўстона муҳитда ўтди.