31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги самарали алоқалар изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Саноат кооперацияси бўйича, шу жумладан энергетика, тоғ-кон, озиқ-овқат, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда янги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Бўлажак қўшма тадбирлар режаси, хусусан, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.