Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Озарбайжон раҳбари мамлакатимиз етакчисини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро ташкилотлар, шу жумладан Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.