Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Ҳурматли Бош котиб!
Анжуман иштирокчилари!
Авваламбор, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида сизлар билан учрашиб турганимдан беҳад хурсандман.
Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!
Бугунги олий даражадаги учрашувимиз бизнинг умумий тараққиёт йўлида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қатъий интилишимизнинг яққол далилидир.
Бугун кўз ўнгимизда дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда ва глобал қайта қурилиши содир бўлмоқда.
Бу мураккаб жараёнларда ўзининг катта ўрнига эга бўлган Ташкилотимиз давлатлари биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиши муҳимдир.
“Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтаётган саммитимизда сиз, азиз ҳамкасбларим билан кўп томонлама алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқиш ва энг долзарб масалалар бўйича батафсил фикр алмашамиз.
Барчангизга бугунги тадбиримизда иштирок этаётганингиз ва ўзаро манфаатли муносабатларимиз равнақига қўшаётган улкан ҳиссангиз учун алоҳида ташаккур билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни Ташкилотимиздаги муваффақиятли раислиги билан самимий табриклайман.
Озарбайжон раислиги доирасида “Яшил ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили”да ўтказилган қатор тадбир ва ташаббуслар амалий шериклигимизни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Келгуси йилда Ташкилотимизга раислик қиладиган Эрон Ислом Республикасининг минтақавий савдони ривожлантириш орқали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги режа ва мақсадларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бундан роппа-роса икки йил олдин Ашхобод шаҳрида Ташкилотимизнинг ўн бешинчи саммитини муваффақиятли ўтказган эдик. Туркманистондаги йиғилишимизда қабул қилинган муҳим қарорлар тузилмамиз фаолиятига янги нафас олиб кирди.
Ташкилотни ислоҳ қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, транспорт вазирларимиз қабул қилган Тошкент декларациясининг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этмоқчиман.
Боку шаҳрида Тоза энергия марказини ташкил этиш ва минтақавий электр энергияси бозорини яратиш масаласи бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Экология соҳасида юқори даражадаги мулоқот платформаси тузилди. Туризм ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида биринчи бор Ташкилот туроператорлари тармоғи яратилди ва Хавфсиз туризмни ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Қадрли делегациялар раҳбарлари!
Ташкилотимиз аъзоларини муштарак тарих ва муқаддас ислом динимиз, бой маданият ва ўхшаш қадриятлар чамбарчас боғлаб туради.
Ярим миллиард аҳоли яшайдиган кенг минтақамиз савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.
Таҳлилларга кўра, жаҳондаги глобал инқирозга қарамасдан, бизнинг иқтисодиётларимиз барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ортга қайтмас ислоҳотлар жадал амалга оширилаётганидан барчангиз яхши хабардорсиз. Биз иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада юксалтиришга асосий эътиборни қаратяпмиз.
Янги Ўзбекистонда сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим баробар кўпайди. 2030 йилга қадар ушбу иқтисодий кўрсаткични яна икки баробарга оширишни мўлжаллаяпмиз. Бунга, аввало, “яшил” иқтисодиёт ва замонавий инфратузилмани барпо этиш, хусусий секторни рағбатлантириш ва янги иш ўринлари яратиш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда.
Бу борада халқаро майдонда ўз овози ва нуфузига эга Ташкилотимизнинг барча аъзолари билан самарали ишлашга тайёрмиз. Зеро, яқин ва яхши қўшни бўлган мамлакатларимиз иқтисодиётлари бир-бирини тўлдира олади. Умумий савдо-транспорт коридорлари ва энергетика тармоқлари эса давлатларимизни узвий боғлайди. Биз янги “ўсиш нуқталари”ни биргаликда излаб топиш орқали келгусида салмоқли натижаларга албатта эришамиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ўзбекистон Ташкилотимизнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотимизнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Ушбу муҳим ҳужжатда қуйидаги асосий йўналишларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, ўзаро савдони рағбатлантириш. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.
Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак. Шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақираман.
Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Иккинчидан, ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш. Аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур.
Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади.
Тошкентда 2 ноябрда бўлиб ўтган транспорт вазирларининг йиғилишида “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақираман.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия билан юк ташиш ҳужжатларини рақамлаштирди, шунингдек, бошқа давлатлар билан бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу каби замонавий тизимларни кенг жорий қилиш ҳамда самарали мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида Ташкилотнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббусини билдираман.
Учинчидан, саноат кооперацияси ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, индустриал хабларни шакллантириш.
Биз ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, Ташкилотимиз Котибиятига тақдим этдик. Мазкур ҳужжатда кимё, энергетика, геология, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсад қилиб қўйилган. Бу эзгу йўлда Ташкилотнинг Савдо ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларини кенгайтириш тарафдоримиз.
Кеча Тошкентда ўтган Савдо-саноат палаталари ва кўплаб компанияларимиз раҳбарлари иштирокидаги бешинчи бизнес-форум хусусий секторда катта салоҳиятга эга эканимизни яққол кўрсатди. Биз Ташкилотимиз доирасида ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш таклифини илгари сурамиз.
Тўртинчидан, энергетика хавфсизлигини кафолатли таъминлаш. Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошмоқда.
Биз Ташкилотнинг энергетика соҳасида ҳамкорлик стратегиясининг асосий йўналишларидан бири бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз. 2030 йилгача 25 гигаватт қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишни ва балансимизда уларнинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Шу йилнинг ўзида 2 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга туширяпмиз. Шунингдек, “яшил водород” ишлаб чиқариш соҳасида ҳам илк қадамларни қўймоқдамиз. Ушбу йўналишларда барча давлатлар билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашишга тайёрмиз.
Ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва ишларни тизимли асосда олиб бориш учун Ташкилотимиз доирасида алоҳида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этишни таклиф этамиз.
Бешинчидан, иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш. Ҳозирги вақтда бизнинг давлатларимиз бу ўткир муаммоларнинг оғир оқибатларига дуч келмоқда. Музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, чанг бўронлари, тупроқ емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби жараёнлар қаттиқ хавотир уйғотмоқда.
Тузилмамиз доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш бўйича ғоямизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур изҳор этаман. Унинг биринчи анжуманини 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этишга тайёрмиз.
Шунингдек, келгуси ҳафтада юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишида вакилларингизни фаол иштирок этишга чорлаймиз. Ҳозирги вақтда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Олтинчидан, туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда 140 дан ортиқ давлатлар иштирокида Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияси минтақамиз сайёҳлик салоҳиятига бутун дунё эътиборини жалб этиш борасида тарихий воқеа бўлди.
Бугунги кунда Ташкилот маконида ЮНEСКОнинг 90 га яқин Бутунжаҳон мероси объектлари жойлашган бўлиб, мамлакатларимизга ҳар йили салкам 80 миллион хорижий сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтиришни таклиф этаман.
Ташкилотимиз Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. Унинг илк учрашувини келгуси йили Ташкилотимизнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.
Шунингдек, аъзо давлатларни Самарқандда очилган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академияси имкониятларидан унумли фойдаланишга чақирамиз.
Еттинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали дўст халқларимизни янада яқинлаштириш. Ҳар йили мамлакатларимизда навбат билан Маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш алоқаларимиз ривожига кучли туртки бағишлайди.
Ҳурматли саммит қатнашчилари!
Глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил уруши барчамизда катта ташвиш уйғотмоқда. Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда.
Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.
Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз.
Шунингдек, бугунги саммит Ташкилотимиз аъзоларидан бири бўлган Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига диққатингизни қаратмоқчиман.
Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўпмиллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир.
Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Нутқимнинг якунида алоҳида таъкидламоқчиманки, бугунги тарихий саммит ва унинг натижалари Ташкилотимизни самарали ва таъсирчан тузилмага айлантиришга, кўпқиррали шериклигимизни янги марраларга олиб чиқишига ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.