Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
БМТ делегацияси шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форуми доирасида мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглик масалалари бўйича етакчи институти раҳбари Президентимизга Бош котиб Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилди.
Учрашувда мамлакатимизнинг «БМТ-аёллар» тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш соҳасидаги барча асосий халқаро конвенцияларга қўшилган, БМТнинг тегишли комиссияси ишида фаол иштирок этмоқда.
Осиё хотин-қизлари форумининг самарали якунлари юқори баҳоланди. Ушбу форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
«БМТ-аёллар» тузилмасининг мамлакатимизда ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланди.