Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 18 сентябрь куни ўзига ажратилган қароргоҳда Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда бугун ғоят юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Еврокенгаш раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, “ЕИ – Марказий Осиё” форматидаги саммитлар, Ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференция ва иқтисодий форумлар муваффақиятли ўтказилди.
Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айланмаси ҳажми 35 фоизга ошди, Европанинг етакчи компаниялари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, муҳим маданий тадбирлар уюштирилмоқда.
Учрашув чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Еврокенгаш Президенти Шарль Мишель Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбари етакчи роль ўйнаётганини қайд этди.
Самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бўлажак кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.