Жорий йил 9-феврал куни Сўз мулкининг султони, буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари иштирокида “Навоийга эҳтиром” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметов кириш сўзида Навоийнинг инсоният камолоти ва маънавиятига қўшган беқиёс ҳиссаси, асарларидаги фалсафий қарашлар ҳақида сўз юритди. Ҳамиша илм аҳлини қўллаб-қувватлаган, ижод қилиш билан бирга, давлат ишларини ҳам бажаришга масъулият билан ёндашганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қўмита раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Қодирова Навоий асарлари, девонлари, шоҳбайтлари ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берди. Навоий ижоди мисли бир уммон, бу уммонга қанчалик чуқур шўнғисанг, шунчалик кўп дуру инжу териш мумкинлигини айтиб ўтди.
Адабий кечада Қўмита ходимлари томонидан Лутфийнинг лутфига сазовор ғазалидан тортиб, рубоий, ҳикматларидан намуналар ўқилди.
Навоий таваллуди муносабати билан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
Навоий меросини қанча ўрганса, тадқиқ этса шунча ҳайратланарли, қизиқарли маълумотларга эга бўлиши ҳақида айтиб ўтилди.