Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Парламентлар ўртасидаги алоқалар ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.