Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари, Андижон шаҳар ҳокимлиги, Андижон тумани ҳокимлиги ва “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси вакилларини жалб қилган ҳолда, Андижон шаҳар ва Андижон туманининг бир қатор кўчаларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида Андижон шаҳрининг Навоий шоҳ, Дукчи Эшон кўчалари ва Андижон туманининг Боғишамол йўналишидаги катта халқа йўл бўйлари қамраб олинди.
Ўтказилган тадбирда 100 нафардан зиёд тадбиркорлар билан жойларда учрашиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Юқоридаги қарор талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларимизга зид бўлган, жумлалари нотўғри тузилган, имло хатолари билан ёзилган, миллий алифбога риоя қилинмаган, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси билан белгиланган тартибда шартнома тузилмаган, ҳокимликлар томонидан рухсат олмаган ҳолда ўрнатилган 12 та ҳолатдаги реклама воситалари гурух аъзолари томонидан олиб ташланди ва яроқсиз ҳолатга келтирилди.
Тадбирда асосан, умумий овқатланиш шахобчалари, савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш масканлари олдиларида ва бинолар, дарахтларда, электр тармоғи линияси опоралари (симёғоч) ҳамда катта йўл бўйларига ўзбошимчалик билан қўйилган ташқи рекламаларга эътибор қаратилди ва камчиликлар бартараф этилди.
Шу билан бирга тадбир давомида ходимлар томонидан мулкдорларга қиш фасли бўлишига қармай об-хаво қулай келаётганлиги, ўзларига бириктирилган ҳудудларда ободонлаштириш ишларини олиб боришлари ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, санитария меъёр талабларига риоя этишлари юзасидан тарғибот ишлари ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талаблари юзасидан бажарилиши зарур бўлган назорат рейдлари ва тадбирлари бошқарма томонидан мунтазам равишда йўлга қўйилади ва ахборот киритиб борилади.
Ушбу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати