Косметология хизматлари шифокор томонидан ўтказиладиган, лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади. Аммо, баъзи хусусий клиникалар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари учраб туради.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролардан 320 дан зиёд ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, унда сифатсиз кўрсатилган хизматлар орқали соғликка тўғридан-тўғри зарар етказилгани яъни терининг шикастлангани, тўқималарда деформация, шиш, ёриқлар, тошмалар каби асоратлар юзага келгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Хусусан,Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Р. ҳам 600 минг сўм тўловни амалга ошириб, “Primjanova Ayjan” ЯТТга тегишли Юнусобод туманида фаолият юритаётган “Aya Belle Studios” лазер студияси хизматидан фойдаланганида баданида номаълум тошмалар пайдо бўлгани ва соғлигига зиён етгани ҳақида мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармасини жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди. Мурожаат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, хизмат кўрсатувчи “Aya Belle Studios” лазер студияси фаолияти бўйича қуйидаги камчиликлар аниқлангани билдирилган:
1. Бу хизмат айнан дерматовенерология бўйича резидентура ва косметология мутахассислиги бўйича касбий қайта тайёргарликдан ўтган олий тиббий маълумотга эга бўлмаган ходим томонидан амалга оширилган;
2. Ходимда лазерли махсус аппарат билан ишлаш кўникмаларини тасдиқловчи сертификати мавжуд эмас;
3. Мазкур ЯТТ тиббий фаолиятни юритиш учун реестр рўйхатидан ўтмаган ҳамда тиббий лицензиясиз ноқонуний фаолият олиб борган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.
Ўрганишлар натижасида “Aya Belle Studios” лазер студияси томонидан хизмат кўрсатиш жараёнидаги камчиликлар юзасидан қўшимча хавфсизлик ва гигиена чораларини кучайтириш юзасидан ўз ходимларига тегишли кўрсатмалар берилди. Фуқаро Ш.Р.нинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланди ва унга етказилган зарар қоплаб берилиши таъминланди.
Рақобат қўмитаси юқоридаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига маълумот киритди.
Ҳурматли истеъмолчилар. Гўзаллик салонларида, сартарошхоналарда, косметология ҳамда лазер депиляцияси хизматлардан фойдаланишдан олдин ҳар хил касалликларни юқтириб олиш хавфидан ҳимояланиш мақсадида биринчи галда мутахассис-косметолог ходимларнинг малака талаблари бўйича шифокор бўлишини, белгиланган тиббий кўрикдан охирги олти ой мобайнида ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб, танишиб чиқишингизни тавсия этамиз.
Маълумот учун: Гепатит B ва C (жигар циррози), ВИЧ/ОИТС, терининг бактерия ва замбуруғли инфекциялари (юқиш йўли: татуировка, татуаж, қон орқали, қўлқопсиз ишлаш, стерилизация қилинмаган игналар ёки асбоблар орқали, нотўғри дезинфекция).
Шунингдек, юқоридаги каби хизматларни кўрсатишни тарғиб этувчи корхонлар томонидан амалдаги талабларга риоя этган ҳолда фаолият юритишларини, акс ҳолда белгиланган тартибда чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз.