Истеъмолчи ҳуқуқи
СИФАТСИЗ БЕНЗИН СОТГАН ШОХОБЧАЛАРГА ЧОРА КЎРИЛДИ
Бензиннинг сифатсизлиги ёки стандартларга мос келмаслиги нафақат автомобилларнинг носозлигига олиб келади, балки ҳайдовчиларнинг хавфсизлигига ҳам таҳдид солади. Шунинг учун ёнилғи қуйиш шохобчаларининг (АЁҚШ) фаолияти давлат томонидан доимий равишда назорат қилинади.
Ўзбекистонда бензиннинг сифати давлат стандартларига мувофиқ бўлиши талаб этилади ва шу мақсадда тизимли равишда назорат олиб борилади. Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги айрим автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг сифати давлат стандартларига мос эмаслиги аниқланди.
Эксперт: Норбек Жуманиёзов, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассиси
— Рақобат қўмитаси ва тегишли ташкилотлар томонидан Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги АЁҚШларда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида, бир қатор ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, Тошкент вилоятида фаолият олиб борувчи “BLACK GOLD ENERGY” МЧЖ (AI-92 ҳамда AI-95 маркали) ҳамда “SAFOMAX OIL” МЧЖ (AI-92 маркали)ларда сотилаётган юқори октанли автобензинлардан олинган намуналарнинг сифати текширилганда давлат стандарти талабларига мос эмаслиги аниқланди.
Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган “HAPPY OIL” МЧЖга қарашли АЁҚШда сотилаётган АI-95 маркали автобензин ёқилғисидан олинган намуналар ҳам Тошкент марказий назорат-кимё лабораториясида текширилганда, мазкур маркали автобензин сифатсиз эканлиги аниқланган.
Истеъмолчилар
маблағи қайтарилади
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан 3 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, жами 22 млн. сўмга яқин пул маблағларини истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
— Сифатсиз бензин сотган АЁҚШларга қандай ҳолатларда жавобгарлик белгиланиши мумкин ва қандай чоралар кўрилади?
— Агар АЁҚШ томонидан истеъмолчиларга нотўғри маълумотлар орқали (АИ-92 бензин ўрнига АИ-80) бензин сотилаётганлиги аниқланса, сотувчиларга нисбатан истеъмолчиларга нотўғри маълумотлар бериш орқали сифатсиз сотилган маҳсулотлар учун тўлов қилинган пул маблағлари қайтариб берилади. Мавжуд сифатсиз маҳсулотлар сотувдан олиб ташланади.
— Истеъмолчилар сифатсиз бензин сотилишига гувоҳ бўлишса қандай йўл тутишлари керак, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари нималардан иборат?
— Истеъмолчилар сифатсиз бензин сотилиши ҳолатларига дуч келганида ушбу ҳолат бўйича “Ўзбекнефтгаз” инспекциясини хабардор қилишлари керак. Инспекция томонидан ушбу маҳсулот текширувдан ўтказилади ва ҳақиқатдан хам сифатсизлиги ўз тасдиғини топса, инспекция томонидан ваколат доирасида чоралар кўрилади. Ёки АЁҚШларда нохолис хизмат гувоҳи бўлган фуқаролар Рақобат қўмитасининг 1159 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.
Аниқланган ҳолатларга жавобан ўз вақтида кўрилган чоралар ёнилғи бозорини тўғри йўлга қўйиш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.