Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Kun.uz ахборот веб сайтида 2023 йил 23 январ куни “Маҳаллабай агентлигида навбатдаги шубҳали тендерлар: 1-2 кунлик МЧЖлар ғолиб бўлмоқда” номли мақола бўйича Маҳаллабай ишлаш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган давлат харидларини қонун талаблари асосида ўтказилганлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Маҳаллабай ишлаш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган (211572, 211575, 211576, 130877, 136203, 136289, 145013, 146010 ва 146026 лотлар) давлат харидларини ўрганиш натижасида бир қатор қонунбузилиш аломатлари аниқланган. Хусусан:
иштирокчилар томонидан танловга тақдим этилган ҳужжатларни баҳолашда буюртмачи томонидан камчиликларга йўл қўйилган, иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш аломатлари аниқланган (бир хил турдаги товарларни етказиб беришда барча ҳолатларда битта ташкилотнинг ғолиб бўлиши), шунингдек, иштирокчиларнинг олдиндан тил бириктириш, яъни келишиб қилинган ҳаракатлари (бир манзилда рўйхатдан ўтганлиги, таклиф ҳужжатларини битта IP манзилдан бириктирилганлиги) аниқланган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли маълумотнома ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиб, Махаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига ҳамда тегишли ташкилотларга тақдим этилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ахборот хизмати