Рақобат қўмитасига истеъмолчилардан онлайн савдо соҳасида келиб тушаётган мурожаатлар тизимли ўрганилиб, тезкор ва самарали чоралар кўрилмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида
🔘Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Ш. “Uzum nasiya” электрон платформасида юзага келган ноқулайликлардан норози бўлиб мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро “Qalan,uz” электрон платформаси хизматлари учун “Uzum nasiya” билан 2025 йил учун муддатли тўлов шартномаси тузганлиги, аммо йил якунида фуқаро розилигисиз яна бир йил учун шартнома расмийлаштирилганини билдирган.
Ўрганишлар натижасида 2026 йилга тузилган 3,4 млн сўмлик шартнома бекор қилиниши таъминланди.
🔘Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро М.М.дан тушган мурожаати ўрганиб чиқилганида “Uzum Market” интернет дўконидан кийим-кечакка қилган буюртмасининг ўлчами фуқарога тўғри келмагани боис товарни олиб-кетиш пунктига топширган, аммо тўланган пуллари қайтарилмаётганлиги маълум бўлди. Ўрганиш натижасида 435 000 сўм миқдорда пул маблағлари тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро З.С. берган мурожаатида “Uzum Market” орқали телевизорга буюртма бериб, тўлов қилгани, аммо телевизорнинг носоз чиққанидан норозилигини билдириб, амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар натижасида “Uzum market” томонидан сифатсиз телевизор қайтариб олиниб, 1 709 000 сўм пул маблағи фуқаронинг банк пластик картасига ўтказиб берилиши таъминланди.
🔘Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Ш. мурожаат қилиб, “Uzum Market” онлайн дўкони орқали шартнома асосида телефон сотиб олгани, аммо телефон аппарати қисқа вақт ичида сифатсизлиги сабабли ундан фойдаланишнинг имкони бўлмаётгани юзасидан эътирозини билдирган.
Мурожаатни ўрганиш натижасида фуқаро Ф.Ш.га дўкон томонидан сифатсиз маҳсулот учун тўланган 3 500 000 сўм маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
🔘Тошкент шаҳар
Ҳудудий бошқарма Тошкент вилояти Бўка туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.К ҳамда Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи М.К.ларнинг “Iman Invest” компаниясидан норозилик билдирган мурожаатларини ўрганиб чиқди.
Ўрганишларда фуқаролар мазкур компаниядан муддатли тўлов асосида харид қилинган товарлар бўйича қарздорликлари ёпилган бўлишига қарамай уларнинг ҳисобидан асоссиз тарзда ортиқча миқдорда пул маблағи ундирилганлиги маълум бўлди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида асоссиз тарзда ортиқча миқдорда ундирилган 2 млн 730 минг сўмдан ортиқ пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
🔘Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаронинг йўллаган мурожаати ўрганилганда “Uzum Market” интернет дўконидан харид қилган чангютгичи ҳақиқатан ҳам нуқсонли эканлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида мазкур интернет дўкони томонидан носоз ҳолдаги маҳсулотлар қайтариб олиниб, ўзаро тузилган шартнома бекор қилинди ва фуқарога 1 млн. 890 минг сўм пул маблағи қайтариб берилиши таъминланди.








