Жорий йилнинг 2 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда кимё саноатининг иқтисодиётдаги аҳамияти таъкидланиб, соҳада қўшилган қийматни ошириш, энергия сарфини қисқартириш ҳамда мавжуд хомашё захираларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Йиғилишда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси томонидан кимё саноатининг турли йўналишларида ички бозор ҳолати, талаб ва таклиф мувозанати, ишлаб чиқариш қувватлари, рақобат муҳити ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан комплекс таҳлилий ўрганишлар ўтказилди.
Таҳлилларга кўра, кимё саноатида ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиб бораётган бўлса-да, юқори қўшимча қийматга эга айрим маҳсулотлар билан ички бозорни таъминлаш даражаси паст бўлиб қолмоқда. Жумладан, фармацевтика, косметика, органик кимёвий бирикмалар, полимер ва махсус кимёвий маҳсулотларга бўлган талабнинг асосий қисми импорт ҳисобига қопланмоқда.
Шу муносабат билан, тармоқда юқори талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи янги қувватларни яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада “Maxam-Chirchiq”, “Navoiyazot”, “Dehqonobod kaliy zavodi”, “Ammofos Maxam”, “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” ҳамда “Farg‘onaazot” каби йирик корхоналарнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан янада тўйинтиришга хизмат қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан кимё саноати тармоғидаги товар бозорларининг ҳолати, ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан таъминланганлик даражаси, талаб ва таклиф тенденциялари ҳамда рақобат муҳити юзасидан тизимли таҳлилий ўрганишлар изчил давом эттирилади.
Ҳурматли тадбиркорлар, кимё саноати тармоғида ички бозорнинг муайян турдаги маҳсулотлар билан тўйинганлик даражасини ўрганиш ва таҳлилий маълумот олиш масалалари юзасидан Рақобат қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин.








