Рақобат қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятидаги “Долзарб бир ойлик” тадбирлари доирасида ўтказилаётган ўрганишлари давомида аҳоли томорқалари, улардан унумли фойдаланиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш жараёнида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида бир қатор туман ва шаҳарларига ташриф буюрди.
Жумладан, ишчи гуруҳ Хонқа туманидаги “Истиқлол”, “Ватанпарвар”, “Тома”, “Баркамоллик”, “Гулшан” ва “Мустақиллик” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли яшаш шароити, хонадон томорқалари, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни суғориш тармоқлари, зарур техника жиҳозлари билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди.
Ўрганишларда томорқа фаолиятини тартибга солиш, оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулдорликни ошириб, аҳоли даромадини ошириш, сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги каналларни бетонлаштириш, насос ўрнатилиши каби долзарб масалалар кечиктирилаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва касалманд оилаларга зарур бўлган тиббий жиҳозларни етказиб берилмаганлиги каби ҳолатларга танқидий баҳо берилиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида, ҳудудда аҳолини электр энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви ва чиқинди ташиш каби коммунал соҳадаги ва ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ 20 га яқин мурожаатлари жойида қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Хоразм вилоятида “Долзарб бир ойлик” тадбирлари доирасида аҳоли манфаатлари учун амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда!