Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб бориши белгиланган.
Рақобат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторнинг натижасида “PAYARIQ CLASTER” МЧЖ томонидан 2022 йилда 259.1 тн пахта ёғи, 890,5 тн пахта шроти ва 418,9 тн пахта шелухаси ҳамда 2023 йилда 2250.0 тн техник чигит маҳсулотлари тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги аниқланди.
Шунингдек, кластер корхона томонидан 2022-2023 йиллар давомида пахта ҳосилидан олинган пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри сотилиши натижасида ушбу маҳсулотлар биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда маҳсулот нархларини юқори қўллаш натижасида жами 1.9 млрд сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Юқорида аниқланган ҳолатларга мувофиқ Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “PAYARIQ CLASTER” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.