Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.
Учрашувда давлат раҳбарлари қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар тизимли тус олган.
Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда. “Шовот-Тошовуз” қўшма савдо зонасини тез фурсатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
Биргаликдаги кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувлар ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.