Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди.
Суҳбат аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.