Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ажай Бангани Жаҳон банки гуруҳи президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади ҳамда унинг раҳбарлигида банк ривожланаётган мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига фаол кўмаклашишни давом эттиришига ишонч билдирди.
Хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш, карбонсизлаштириш, муқобил энергетика, инфратузилма ва коммуникациялар, сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш ҳамда бошқа стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ажай Банга, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Банкнинг дунё бизнеси етакчи вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкор-бенефициарларидан бири ҳисобланади, сўнгги олти йилда қўшма лойиҳалар портфели беш баробардан зиёдга кенгайди.
2026 йилга қадар даврга мўлжалланган ва жами 4 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи Ҳамкорлик дастури Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг барча устувор йўналишларини қамраб олган.