2024 йил 14 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси делегацияси ўзининг Германиядаги ташрифларини якунлади. Сўнгги учрашув Мюнхен шаҳрида, Макс Планк жамиятининг Инновациялар ва рақобат институти ижрочи директори профессор Йозеф Дрексль билан бўлиб ўтди.
Макс Планк Жамияти таркибида 80 дан ортиқ илмий институтлар ва тадқиқот марказлари мавжуд бўлиб Инновациялар ва рақобат институти ҳам шулардан биридир. Макс Планк жамиятининг 31 нафар Нобель мукофоти совриндорлари жамиятнинг илмий аъзолари сифатида тан олинган. Макс Планк жамиятининг Инновациялар ва рақобат институти дунёдаги етакчи илмий марказлардан бири бўлиб, инновациялар ва рақобат соҳасидаги тадқиқотлари билан танилган.
Учрашув давомида, делегация институтнинг товар, молия ва рақамли бозорларни таҳлил қилиш ҳамда инновацион ёндашувларни ишлаб чиқишдаги тажрибаларини ўрганди. Шу билан бирга Рақобат қўмитаси ходимларининг малакасини ошириш учун ўқув семинарлари, магистратура ва PhD дастурлари бўйича ўқиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, профессор Дрексль Рақобат қўмитаси кутубхонаси учун илк нусхадаги янги илмий тадқиқот китобларини совға қилди.
Мазкур ташриф Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги илм-фан ва рақобат соҳасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига ёрдам берди.