Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизда бўлган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг давлат ташрифи якунланди.
Икки кунлик ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунида етакчилар Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди. Энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида йирик қўшма лойиҳаларга старт берилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон санъат усталарининг концертини томоша қилдилар.
Бугун етакчиларнинг мулоқоти Хивада давом этди. «Хива гиламлари» комбинатининг ишлаб чиқариш қувватлари, «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотлар кўргазмаси билан танишилди.
Президентлар рафиқалари билан биргаликда қадимий Хива шаҳрининг тарихий-меъморий дурдоналарини ҳам зиёрат қилдилар.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Урганч халқаро аэропортида Президент Садир Жапаров ва рафиқасини кузатиб қўйди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.