Мамлакатимизда 9 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонгани муносабати билан унинг номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан қутловлар келмоқда. Табрикномаларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз билан чин дилдан қутлайман.
Сайловдаги ишончли ғалабангиз юксак сиёсий обрўйингизни тасдиқлади, мамлакатни янада жадал суръатда ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларингиз халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди.
Сизнинг Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги қатъий интилишингизни юксак қадрлаймиз. Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил кенгайиб бораверади ҳамда минтақавий ва халқаро масалаларда ўзаро мувофиқлашув таъминланади. Бу, ҳеч шубҳасиз, Россия ва Ўзбекистон халқларининг орзу-умидларига мосдир.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги ғоят масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
Ҳурмат билан,
Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қозонган навбатдаги ғалабангиз муносабати билан Сизни Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўз номимдан самимий қутлашга ижозат бергайсиз.
Ушбу президентлик сайлови натижалари Сиз ҳамда амалга ошираётган ички ва ташқи сиёсатингиз Ўзбекистон халқи томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди. Доно раҳбарлигингиз остида миллий тараққиёт ва тикланиш дастури, ҳеч шубҳасиз, улкан муваффақиятларга олиб келишига ишонаман.
Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Хитой-Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражада ривожланди, икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Ўртамизда қарор топган намунали амалий муносабатлар ва яқин дўстликни юксак қадрлайман. Сиз билан Хитой-Ўзбекистон ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш ҳамда мамлакатларимиз ўртасида умумий тақдир ҳамжамиятини барпо этишга янги суръат бағишлашга тайёрман.
Сизга мустаҳкам соғлик ва бошлаган барча ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Дўст Ўзбекистонга равнақ ва куч-қудрат, унинг халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
***
Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров,
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев.
Қутловлар келиши давом этмоқда.