Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг учрашувида иштирок этаётган Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Кувайт Амири шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.
Икки мамлакат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Кувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилди.
Яқин фурсатда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.